“Ўзбекгидроэнерго” АЖ 2025 йилни қандай натижалар билан якунлади? (+видео)
Сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва йирик лойиҳалар натижасида гидроэнергетика тармоғи изчил тараққий этиб бормоқда. Хусусан, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан янги гидроэнергетика иншоотларини барпо этиш, мавжуд станцияларни модернизация қилиш ҳамда уларнинг

Сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва йирик лойиҳалар натижасида гидроэнергетика тармоғи изчил тараққий этиб бормоқда. Хусусан, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан янги гидроэнергетика иншоотларини барпо этиш, мавжуд станцияларни модернизация қилиш ҳамда уларнинг қувватини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакат гидроэнергетикаси имкониятлари кенгайиб, бу электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва тармоқ барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда Ана шу жараёнлар ва эришилаётган натижалар бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган матбуот анжуманида атрофлича муҳокама қилинди Тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азимжон Аҳмаджонов, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур ташкилот томонидан 2025 йилда қўлга киритилган натижалар ҳамда келгуси даврга мўлжалланган устувор режалар ҳақида тўхталиб ўтди Таъкидланганидек, мамлакатимизда аввал жами қуввати 1 604 мегаватт бўлган 36 та гидроэлектр станция фаолият юритар эди. Сўнгги йилларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари натижасида тармоқнинг ишлаб чиқариш қувватлари қарийб 800 мегаваттга оширилиб, умумий қувват 2 400 мегаваттга етказилди Бугунги кунда эса республикадаги гидроэлектр станциялар сони 100 тадан ошди. Ўтган давр мобайнида 13 та мавжуд гидроэлектр станция модернизация қилиниб, яна 64 та янги гидроэнергетика объекти фойдаланишга топширилди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб қилинди 2025 йил якунларига кўра, жамият корхоналари томонидан 6,5 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Давлат инвестиция дастури доирасида 237 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди. Шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 700 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди Тадбирда масъуллар жорий йилги режаларга ҳам урғу берди. Унга кўра, 2026 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 15 фоизга ортиғи билан бажариш, 264 миллион доллар ҳажмидаги инвестицияни ўзлаштириш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 935 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган –Ушбу йилда умумий қуввати 152 мегаватт бўлган 15 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилади ва 276 та янги иш ўрни яратилади. Яна бир муҳим йўналиш – гидроэнергетика соҳасида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш. Шу мақсадда, Бўстонлиқ туманида “UzHydroPower” қўшма корхонаси ишга туширилди. Ушбу корхонада қуввати 1 кВтдан 40 МВтгача бўлган гидроагрегат ва зарурий эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳа доирасида 300 та янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, сув омборлари ва гидроэнергетика объектларида рақамлаштириш ва автоматлаштириш ишлари кенг жорий этилмоқда. Хусусан, Ягона вазиятлар маркази ташкил этилди ва 4 минг 700 дан ортиқ автоматлаштирилган назорат-ўлчов қурилмаси асосида сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконияти яратилди. Бугунги кунда “Лойиҳалар фабрикаси” ташкил этилган бўлиб, умумий қуввати 3,2 гигаваттли 50 га яқин лойиҳа устида ташкилий-амалий ишлар олиб борилмоқда, – деди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев Тадбир якунида таъкидланганидек, ушбу ташкилотнинг халқаро майдонда ҳам нуфузи тобора ортиб бормоқда. Хусусан, ўтган 2025 йилда “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг халқаро кредит рейтинги “BB-”дан “BB” даражасига кўтарилди. Шунингдек, жамият ISO 37001 ва ISO 31000 халқаро стандартлари бўйича сертификатларга эга бўлди. ESG халқаро рейтингида 79 балл билан Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткичга эришилди. Албатта, бу натижалар халқаро инвесторларнинг ишончини янада мустаҳкамламоқда Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж)


