Tenqri
Ana Sayfa
Ekonomi

Марказий Осиёга очилган дарвоза: Покистоннинг геоиқтисодий роли

Эндиликда Исломобод учун геосиёсат ва хавфсизлик масаласидан кўра, геоиқтисодий ёндашув устувор аҳамият касб этмоқда. Зеро, замонавий тараққиёт жараёни давлатларни халқаро майдондаги илғор тажриба ва ривожланиш моделларидан фойдаланиб, миллий фаровонликни таъминлашга ундамоқда. Бундай шароитда глоба

1 gün önce0 görüntülemeuza.uz
Марказий Осиёга очилган дарвоза: Покистоннинг геоиқтисодий роли
Paylaş:

Эндиликда Исломобод учун геосиёсат ва хавфсизлик масаласидан кўра, геоиқтисодий ёндашув устувор аҳамият касб этмоқда. Зеро, замонавий тараққиёт жараёни давлатларни халқаро майдондаги илғор тажриба ва ривожланиш моделларидан фойдаланиб, миллий фаровонликни таъминлашга ундамоқда. Бундай шароитда глобал ўзгаришлардан четда қолиш стратегик жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис, Покистон ҳукумати қатор давлат дастурларини ишлаб чиқиб, режаларни босқичма-босқич амалга оширишга киришган Имрон Хон ҳукумати даврида йилларга мўлжалланган Миллий хавфсизлик стратегияси ишлаб чиқилган эди. Мазкур ҳужжатда мамлакатнинг прагматик ва геоиқтисодий ёндашувга асосланган сиёсат сари юз тутгани очиқ ифодаланган. Марказий Осиё давлатлари билан алоқани кенгайтириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш устувор йўналиш сифатида белгиланган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқлик тарихан шаклланган табиий жараён эди. Афсуски, мустамлакачилик даврида ҳудудларни сунъий равишда ажратиш сиёсати натижаси ўлароқ, алоқалар узилиб, янги геосиёсий шароит юзага келган. Икки қутбли дунё даврида минтақалараро ҳамкорлик сустлашиб, савдо ва транспорт йўлаклари ҳам шунга мос фаолият кўрсатган. Натижада ҳудудлар ўртасида турли сиёсий, инфратузилмавий тўсиқлар пайдо бўлган Афғонистонда нисбий барқарорлик шаклланиши билан мазкур йўналишнинг стратегик имконияти яна фаол муҳокама қилина бошлади. Покистон учун Афғонистон орқали Марказий Осиёга чиқиш транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, янги йирик бозорларга кириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш имконини беради. Марказий Осиё давлатлари учун эса Покистон портларига чиқиш нафақат Жанубий Осиё, балки Яқин Шарқ бозорига ҳам йўл очади Бугунги кунда Покистон ҳукумати “URAAN Pakistan” номли кенг кўламли ва узоқ муддатли стратегик дастур асосида фаолият юритмоқда. Ушбу режа 2047 йилгача мамлакат иқтисодиётини 3 триллион долларлик кўрсаткичга етказишни мақсад қилган бўлиб, асосий вазифа мамлакатни йирик экспортчи давлатлар қаторига олиб чиқишдир Бу мақсадга эришишда, аввало, Марказий Осиё билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда “Хитой – Покистон иқтисодий йўлаги” лойиҳаси салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш кўзда тутилган. Шунингдек, дастур мамлакатни замонавий технологияларга таянган, экспортга йўналтирилган иқтисодий моделга ўтказиш орқали мавжуд макроиқтисодий беқарорликни юмшатишга қаратилган 2025 йил декабрь ва 2026 йил февраль ойларида Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон етакчилари Покистонга давлат ташрифларини амалга оширди. Расмий Исломобод учун ушбу ташрифлар Марказий Осиё билан алоқаларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт-логистика тизими, инвестиция оқими ва ҳарбий соҳадаги умумий манфаатларга таянган янги босқични бошлаб берди. Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик стратегиясида Покистоннинг ўрни тобора яққол намоён бўлмоқда. Бу жараён Афғонистоннинг фаол иштироки орқали минтақанинг барқарор ривожланиш йўлига чиқишига ҳам туртки бериши мумкин Покистоннинг Марказий Осиёга қаратилган сиёсатида Ўзбекистон алоҳида, ҳатто марказий ўрин тутади. Сабаби, мамлакатимиз минтақадаги энг жадал ривожланаётган, барча қўшни давлатлар билан чегарадош ягона ўлка сифатида Марказий Осиё “дарвозаси” вазифасини бажаради. Қолаверса, минтақадаги энг кўп аҳолига эга Ўзбекистон Покистон экспортчилари учун салмоқли бозор ҳисобланади Покистон расмий доиралари Шавкат Мирзиёевни минтақавий интеграция жараёнининг “драйвери” сифатида эътироф этади. Шу боис Ўзбекистон орқали минтақанинг бошқа давлатларига чиқиш Покистон учун нисбатан қулай ва самарали йўл сифатида кўриляпти Бу хулосани икки томонлама муносабатлар ўсиш суръати ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Покистон Марказий Осиё давлатлари орасида стратегик шериклик муносабатини энг аввал Ўзбекистон билан 2021 йилда йўлга қўйган. Айни формат Тожикистон билан 2024 йил 2 июлда, Қозоғистон билан 2026 йил февраль ойида ўрнатилди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса яқиндагина Покистонга мамлакат раҳбарининг сўнгги 20 йил ичидаги илк расмий ташрифини амалга оширди Туркманистон билан стратегик ҳамкорликнинг асосий пойдевори Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон газ қувури лойиҳаси – “TAPI Gas Pipeline” ҳисобланади. Ушбу ташаббус минтақалараро энергетик интеграциянинг муҳим бўғини сифатида кўрилади Савдо-иқтисодий кўрсаткичлар ҳам Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи ўрнини кўрсатади. 2025 йил ноябрь ҳолатига кўра, ўзаро савдо ҳажми 17 фоиз ошиб, 434 миллион доллардан зиёд кўрсаткични қайд этди. Стратегик мақсад – яқин йилларда бу рақамни 2 миллиард долларга етказиш. Қозоғистон билан савдо айланмаси ҳам икки баробар ўсиб, 86 миллион долларни ташкил этди. Томонлар ушбу кўрсаткични истиқболда 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда Минтақа ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликда транзит омили алоҳида аҳамият касб этмоқда. 2025 йил Покистон ҳудуди орқали Марказий Осиё давлатларининг транзит савдоси ҳажми 410 миллион долларни ташкил этди. Бу рақам минтақа мамлакатларининг Гвадар ва Карачи портларига қизиқиши ортиб бораётганини яққол кўрсатади Юртимиз Покистон портларига чиқиш мақсадида Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўли лойиҳасини илгари сурмоқда. Мазкур ташаббус бўйича дастлабки келишувлар имзоланган, амалий иш бошланганини билдирувчи маълумотлар ҳам бор. 2026 йил бошида амалга оширилган ташриф доирасида Қозоғистон расмийлари Покистоннинг олий даражадаги вакиллари билан “Қозоғистон – Туркманистон – Афғонистон – Покистон” йўналиши бўйича темир йўл қурилиши истиқболини муҳокама қилган Ушбу ташаббусга эҳтиёж туғилишига Қирғизистон ва Хитой орқали Покистонга олиб борадиган йўл қиш мавсумида ёпилиб қолиши сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Афғонистоннинг Турғунди қуруқ портидан Спинбулдак ва Чаман орқали Покистон денгиз портларига чиқадиган йўналиш Кобул йўлагига муқобил йўл сифатида баҳоланмоқда. Қозоғистон мазкур лойиҳага 2024 йил Туркманистон таклифи билан қўшилган ва 687 километрли темир йўл қурилиши харажатини тўлиқ зиммасига олишга тайёрлигини билдирган Қозоғистон Ўзбекистонни четлаб ўтувчи муқобил темир йўл лойиҳасини илгари суриши айрим доираларда минтақавий рақобат таассуротини уйғотмоқда. Ҳолбуки, Беларусдан Покистонгача Ўзбекистон орқали ўтадиган транзит йўналишидан Қозоғистон ҳам сезиларли иқтисодий фойда кўриши мумкин. Шунга қарамай, Остона “ғарбий темир йўл тизими” қурилишини жадаллаштиришга интилмоқда. Маҳаллий экспертлар Марказий Осиё давлатларининг Покистон билан қўшма лойиҳаларини ташқи ишлар вазирлари даражасида мувофиқлаштириш ва мунтазам маслаҳатлашув механизмини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидламоқда Покистоннинг Тожикистон билан алоқалари ўзига хос хусусиятга эга. Икки давлатни Афғонистондаги вазият, хусусан “Толибон”га нисбатан позиция яқинлаштириб туради. Ҳар икки томон чегара ҳудудларидан келаётган хавфсизлик таҳдидига дуч келмоқда. Шу боис мудофаа ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатда муҳим ўрин эгаллайди Энергетика йўналишида эса “CASA-1000” лойиҳаси марказий ўринда туради. Мазкур ташаббус Тожикистон ва Қирғизистондан Покистонга электр энергияси етказилишини назарда тутади. Лойиҳа якуний босқичга яқинлашган бўлиб, 2027 йилгача илк электр узатмаси амалга оширилиши мумкин Туркманистон билан муносабат, аввало, энергия ресурслари, хусусан табиий газ соҳасидаги манфаат билан белгиланади. Икки давлат ҳамкорлиги юқори даражадаги ташрифлар, шунингдек БМТ, ИҲТ (ECO) ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш билан мустаҳкамланмоқда 2005 йил юзага келган танаффусдан сўнг 2025 йил 3-4 декабрь кунлари Садир Жапаров Покистонга расмий ташриф билан борди. Музокара давомида савдо, энергетика, мудофаа, таълим, туризм ҳамда минтақавий интеграция йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини ривожлантириш, Покистон портларидан фойдаланиш ва CASA-1000 лойиҳасини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди Хулоса қилиб айтганда, Покистон ўзининг қулай геосиёсий жойлашувидан самарали фойдаланиб, Марказий Осиё давлатларига денгиз портларига чиқиш имконини таклиф этмоқда. Айни пайт минтақа бозорларига кириш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда энергия ресурсларини импорт қилишдан манфаатдор. Ўзаро манфаат ва прагматик ёндашувга асосланган ушбу ҳамкорлик келгусида ҳам томонлар учун истиқболли ва стратегик аҳамиятга эга бўлиб қолиши кутиляпти