Геосиёсий бўрон ва Туркий дунё ҳамжиҳатлиги
Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги уч томонлама мураккаб низо Яқин Шарқ ва унга қўшни ҳудудлар, хусусан, Марказий Осиё хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Географик яқинлик омили минтақа давлатларидан юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни синчиклаб таҳлил қилишни ва тегишли превентив чора-тадбирлар

Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги уч томонлама мураккаб низо Яқин Шарқ ва унга қўшни ҳудудлар, хусусан, Марказий Осиё хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Географик яқинлик омили минтақа давлатларидан юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни синчиклаб таҳлил қилишни ва тегишли превентив чора-тадбирларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Гарчи зиддиятнинг Марказий Осиё ҳудудига тўғридан-тўғри ҳарбий ҳаракатлар кўринишида ёйилиши эҳтимоли паст бўлса-да, Яқин Шарқдаги беқарорлик минтақанинг ижтимоий-иқтисодий вазиятига билвосита салбий таъсир кўрсатиши тайин. Бундай шароитда трансмиллий террорчилик тармоқларининг фаоллашиши кузатилиши мумкин. Теҳроннинг минтақавий хавфсизлик тизимида радикал гуруҳларни жиловловчи омил сифатидаги роли заифлашиши террорчи ташкилотлар учун қулай муҳит яратиш хавфини юзага келтиради Экспертлар хулосасига кўра, Яқин Шарқдаги геосиёсий жараёнлар Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ва логистик имкониятларига бевосита дахлдордир. Кўп йиллар давомида минтақамизнинг жанубий денгизларга чиқиши, Яқин Шарқ, Ҳиндистон ва Шарқий Африка бозорлари билан савдо алоқаларини кенгайтириши стратегик мақсад сифатида қаралаётган эди. Бироқ Эрон атрофидаги янги санкциялар ва беқарорлик ушбу истиқболли йўналишларни амалга оширишда жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Марказий Осиё учун Эрон “иссиқ денгиз” га — хусусан, Чобаҳор порти ва “Шимол – Жануб” транспорт йўлагига чиқишда асосий транзит ҳамкор ҳисобланади. Эрондаги вазиятнинг издан чиқиши Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг мавжуд логистик имкониятлардан фойдаланишини сезиларли даражада қийинлаштиради Низо оқибатида нефть ва бошқа хомашё ресурслари нархининг кескин кўтарилиши глобал иқтисодий беқарорлик ва инфляциянинг авж олишига сабаб бўлади. Қатар энергетика вазирининг башорати нафақат биржа трейдерларини, балки оддий истеъмолчиларни ҳам хавотирга солмоқда: чекловлар давом этган тақдирда нефть нархининг бир баррели 150 долларгача кўтарилиши эҳтимоли мавжуд. Бу шунчаки статистик кўрсаткич эмас, балки бутун глобал иқтисодий тизимнинг қайта қурилишидан далолат беради. Шу тариқа, “Эрон кейси” Марказий Осиё давлатлари юритаётган кўпвекторли ташқи сиёсат учун жиддий стратегик синовга айланмоқда Бундай мураккаб геосиёсий шароитда Марказий Осиё мамлакатлари ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) аъзоларининг дипломатияси ўзининг вазминлиги ва конструктив ёндашуви билан ажралиб туради. 2026 йил 7 март куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг норасмий учрашуви ташкилот ривожидаги муҳим босқич бўлди. Озарбайжон раислигида ўтган мазкур йиғилишда Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари иштирок этиб, ТДТ маданий-иқтисодий майдондан сиёсий жиҳатдан мувофиқлаштирилган кучли минтақавий иштирокчига айланиб бораётганини намойиш этди Учрашув якунлари геосиёсий масалалар юзасидан ягона позиция шаклланганини тасдиқлади. Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар бўйича қабул қилинган қўшма баёнот аъзо давлатлар ўртасидаги сиёсий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлади. Ҳужжатда тинчлик, барқарорлик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш тамойилларига содиқлик алоҳида қайд этилди. Бу эса минтақавий хавфсизликка нисбатан ҳар қандай таҳдид ташкилот учун умумий ва устувор масала сифатида қаралаётганини англатади Ташқи шериклар билан ҳамкорликни кўзда тутувчи “ТДТ+” формати тўғрисидаги низомнинг қабул қилиниши ташкилотнинг институционал ривожланиши йўлидаги стратегик қадам бўлди. Европа Иттифоқи ёки АСЕАН каби нуфузли тузилмаларнинг шериклик механизмларига ўхшаш ушбу формат учинчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиш имконини беради. Бу ўз навбатида Туркий давлатлар ташкилотининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш билан бирга, энергетика, савдо, транспорт коридорлари ва хавфсизлик соҳаларида кенг кўламли ҳамкорлик учун янги истиқболларни очади Мазкур мулоқот нафақат жорий инқирозларга тезкор жавоб бериш, балки узоқ муддатли стратегик интеграцияни ривожлантириш масалаларига ҳам қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ташқи сиёсий фаолиятнинг мунтазам мувофиқлаштириб борилиши транспорт йўлаклари, рақамли трансформация ва иқтисодий шериклик соҳаларидаги чуқур интеграция жараёнлари учун мустаҳкам замин яратмоқда. Бу эса Туркий давлатлар ташкилотининг яхлит ва нуфузли минтақавий блок сифатида институционал жиҳатдан шаклланишини янада мустаҳкамлайди Абдурафиқ Ҳашимов,Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академияси кафедра мудири.ЎзА


